KIUT делегацияси Италиянинг нуфузли Павия университетига ташриф буюрди
Жорий йилнинг 5 май куни Тошкент Кимё халқаро университети таъсисчиси Алишер Ваҳобов раҳбарлигидаги делегациянинг Италия Республикасига амалга оширган расмий ташрифи доирасида Европанинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — University of Paviaга ташриф буюрилди. Мазкур ташрифда Павия университети ректори Фабио Ружже, халқаро алоқалар бўйича проректор Маттео Алваро ҳамда Тошкент Кимё халқаро университети департамент директори Акмал Рустамов иштирок этди. Университетнинг бой илмий мероси жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган италиялик олимлар — Алессандро Вольта, Камилло Гольджи ва Антонио Скарпа номлари билан чамбарчас боғлиқдир. Хусусан: — Алессандро Вольта дунёдаги биринчи электр батареяси — «вольта устуни»ни ихтиро қилган; — Камилло Гольджи тиббиёт соҳасидаги кашфиётлари учун Нобель мукофотига сазовор бўлган; — Антонио Скарпа анатомия фанининг ривожига катта ҳисса қўшган. Ташриф давомида томонлар ўртасида таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилиниб, музокаралар якунида ўзаро англашув меморандуми (MoU) имзоланди. Меморандум доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича келишувларга эришилди: — келажакда Тошкент Кимё халқаро университети негизида Павия университетининг юридик, фармацевтика ва тиббиёт йўналишлари бўйича филиалини ташкил этиш; — “2+2” ва “1+1” шаклидаги қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш; — профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар алмашинувини кенгайтириш; — қўшма илмий лойиҳалар ва халқаро грантлар устида ҳамкорлик қилиш; — Erasmus+ дастури доирасида академик мобилликни ривожлантириш; — тиббиёт талабалари учун “The Campus on Air” лойиҳаси асосида онлайн дарслар ташкил этиш ва жарроҳлик амалиётларини 4K форматда жонли кузатиш имкониятларини яратиш. Халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаган нуфузли университет билан йўлга қўйилган мазкур ҳамкорлик талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун янги академик ҳамда илмий имкониятларни яратади.