
Тошкент Кимё халкаро университетида диплом топшириш маросими булиб утди
Бу йил университет муҳандислик, таълим, бизнес ва санъат йўналишларида мингдан зиёд ёш мутахассисни тайёрлаб, уларнинг меҳнат бозорида муваффақиятли фаолият бошлаши учун кенг имконият яратди.
2025 йил битируви алоҳида аҳамиятга эга бўлди — бу университетнинг тўртинчи марта битирувчи чиқариши ҳисобланади. Тошкент Кимё халқаро университети Ўзбекистонда нисбатан қисқа вақт ичида кўплаб юқори малакали мутахассислар етиштирган биринчи хусусий олийгоҳ сифатида тарихга кирди.
Тошкент Кимё халқаро университети битирувчилари бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий мамлакатларда ҳам турли саноат соҳаларида муваффақиятли фаолият юритмоқдалар. Битирувчиларимизнинг аксарияти етакчи компанияларда муҳим лавозимларни эгаллаб, ўз салоҳиятини намоён этаётган бўлса, бошқалари шахсий бизнесини йўлга қўйиб, юртимизда янги иш ўринлари яратмоқда. Шунингдек, 200 нафардан ортиқ собиқ талабаларимиз Европа ва Жанубий Кореянинг нуфузли университетларида магистратура дастурларида таҳсил олиб, ўз билим ва тажрибаларини халқаро даражада бойитмоқдалар.
Университет назарий билимни амалиёт билан уйғунлаштирган ҳолда, янги лойиҳалар орқали бошқа ОТМлар учун ҳам намунавий тажриба мактабига айланиб бормоқда. Хусусан, халқаро Erasmus дастури доирасида Ўзбекистонда ҳали мавжуд бўлмаган таълим йўналишлари очилди. Тиббиёт муҳандислиги бунга ёрқин мисолдир. Шунингдек, Тошкент Кимё халқаро университети Ўзбекистонда биринчи бўлиб Жанубий Корея билан ҳамкорликда “Чирой эстетикаси” (косметология) йўналиши бўйича таълим шифрини олди.
Ҳудудий таълим имкониятларини кенгайтириш мақсадида Наманган ва Самарқанд шаҳарларида филиаллар фаолият кўрсатмоқда. Вилоятлардаги ёшларга сифатли ва халқаро даражадаги таълим бериш, шунингдек, мактаб ўқувчилари орасида физика ва математика фанларига қизиқишни ошириш мақсадида “Муҳандис-D” лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилди.
Бугунги кунда университетда АҚШ, Туркия, Жанубий Корея ва Ҳиндистондaн келиб таҳсил олаётган талабалар мавжуд бўлиб, бу таълим сифатининг халқаро мезонларга жавоб беришини тасдиқлайди. Профессор-ўқитувчиларнинг мунтазам равишда хорижий малака ошириш дастурларига юборилиши ҳам бунга яққол далилдир.
Диплом топшириш маросими Тошкент Кимё халқаро университетининг ютуқларини, халқаро миқёсдаги таълим салоҳиятини ва битирувчиларнинг келажакдаги муваффақиятларини яна бир бор намоён этди.