
Тошкент Кимё халқаро университети (KIUT) делегацияси Лондондаги Chartered Management Institute (CMI) муассасасига расмий ташриф буюрди
2025 йил 24 июль куни Тошкент Кимё халқаро университети (KIUT) делегацияси Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида жойлашган Chartered Management Institute (CMI) марказига ташриф буюрди.
Ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш, менежмент ва лидерлик соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда академик салоҳиятни ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув CMI раҳбарияти томонидан очилиб, улар халқаро ҳамкорликнинг долзарблиги ва таълимда юқори стандартларни жорий этиш аҳамиятини таъкидлаб ўтдилар. CMI — Буюк Британиядаги ягона ташкилот бўлиб, Qirollik хартияси (Royal Charter) асосида фаолият юритади ва халқаро нуфузга эга бўлган Chartered Manager мақомини бериш ҳуқуқига эга.
KIUT ректори, профессор Каримжон Ахмеджонов ўз тақдимотида университетнинг сўнгги йиллардаги ютуқлари, халқаро лойиҳалардаги иштироки, илмий-тадқиқот муҳитини такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслари ва талабалар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
CMI аккредитацияси орқали KIUT ўз талабаларига маҳаллий академик стандартларни халқаро даражадаги нуфузли касбий сертификатлар билан уйғунлаштирувчи икки томонлама таълим дастурларини тақдим этиш имкониятини яратади. Бу икки йўналишли тизим университет томонидан бериладиган дипломларнинг халқаро меҳнат бозоридаги қадрини сезиларли даражада оширади ҳамда битирувчиларнинг рақобатбардошлигини таъминлайди. Шунингдек, KIUT талабалари CMI билан ҳамкорлик қилувчи 130 дан ортиқ Буюк Британия университетларида академик фаолиятни узлуксиз давом эттириш имкониятига эга бўладилар, жумладан, 5-даражали диплом эгалари учун мўлжалланган махсус топ-ап дастурлари орқали.
Бундай халқаро академик ҳамкорлик университет битирувчиларининг ишга жойлашиш имкониятларини ошириш, глобал меҳнат бозорининг юксак талабларига жавоб бериш ва Ўзбекистон Республикасининг модернизация, инновация ва жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашиш бўйича устувор стратегияларига тўлиқ мос келади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, CMI аккредитацияси нафақат талабалар учун, балки профессор-ўқитувчилар, илмий-академик жамоа ҳамда университетнинг ўзи учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, KIUT нуфузини ва халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксак поғонага олиб чиқади.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
- Иккиламчи (dual) аккредитация орқали талабалар CMI томонидан тан олинган халқаро диплом ва малака сертификатларини олишлари мумкин;
- Approved Centre (тасдиқланган марказ) мақомини олиш орқали университет CMI курсларини ўтказиш ва баҳолаш ҳуқуқига эга бўлади;
- Bespoke training дастурларини CMI стандартларига мувофиқ сертификатлаш;
- CMI аъзолиги орқали талабалар ва ўқитувчилар учун профессионал ресурслар, менторлик, CPD ва халқаро тармоқлардан фойдаланиш имконияти;
- Университет бренди ва нуфузини мустаҳкамлаш, жумладан QS каби халқаро рейтингларда университетнинг обрўсини ошириш.
Ҳозирги кунда CMI 230 000 дан ортиқ аъзо ва 100 000 дан зиёд фаол ўқувчига эга бўлиб, 170 дан ортиқ мамлакатларда фаолият юритади.
Ташриф якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни расмийлаштириш, қўшма дастурлар ишлаб чиқиш ва стратегик шериклик йўналишларини кенгайтириш бўйича келишувга эришдилар.