
Осакa Метрополитен университети профессори Хашимото Мотому ТКХУга ташриф буюрди
Япониянинг нуфузли олимларидан бири, Осака Метрополитен университети профессори Хашимото Мотому бошчилигидаги делегация Тошкент Кимё халқаро университетига ташриф буюрди. Делегацияни университет таъсисчиси профессор Алишер Вахобов самимий кутиб олди ва университет фаолияти, илмий ютуқлари ҳамда халқаро ҳамкорлик йўналишлари билан таништирди. Шунингдек, меҳмонлар Kimyo University Hospital клиникаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Профессор Хашимото Мотому дунё миқёсида ревматология ва иммунология соҳасида етакчи мутахассис ҳисобланади. У Осака Метрополитен университетида янги ташкил этилган “Коллаген касалликлари ички тиббиёти” кафедраси профессори сифатида фаолият юритмоқда. Унинг асосий тадқиқот йўналишлари системали қизамиқ (SLE), ревматоид артрит, спондилоартрит ва бошқа автоиммун касалликлар патогенезини ўрганишга қаратилган. Унинг илмий жамоаси томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар халқаро нуфузли илмий журналларда чоп этилмоқда.
Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик, қўшма тадқиқотлар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви масалалари муҳокама қилинди. Хашимото Мотому таъкидлаганидек, ҳозирги кунда коллаген ва ревматик касалликлар дунё миқёсида ягона тизим сифатида кўриб чиқилмоқда. Тошкент Кимё халқаро университети ва Осака Метрополитен университети ҳамкорлиги ушбу соҳада янги илмий ютуқлар ва қўшма клиник лойиҳаларга замин яратади.
Мазкур ташриф университетнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаш, талабалар учун энг илғор илмий ёндашувларни татбиқ этиш ва замонавий тиббиёт ривожига ҳисса қўшишга хизмат қилади.
Ахборот хизмати
Тошкент Кимё халқаро университети