
Акаки Церетели номидаги Миллий университетда Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 20–21 июнь кунлари Грузиянинг нуфузли олий таълим муассасаси — Акаки Церетели номидаги Миллий университетда машҳур педагог ва жамоат арбоби Иаков Гогебашвилининг 185 йиллигига бағишланган XII Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман доирасида турли давлатлардан келган олимлар ва мутахассислар мактабгача ва бошланғич таълим соҳасидаги илмий-амалий тадқиқотлари, методик ёндашувлари ҳамда таълим тизимидаги долзарб муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.
Тошкент Кимё халқаро университети “Мактабгача ва бошланғич таълим методикаси” кафедрасининг фаол аъзолари — доцентлар М.М. Рустамова, Н.А. Ҳамедова ва Ҳ.Ч. Нусратова ҳамда ушбу йўналишда таҳсил олаётган магистрантлар ўз илмий маърузалари билан қатнашиб, илмий жамоатчилик эътиборини қозонишди.
Қизғин муҳокамалар ва конструктив фикр алмашувларга бой бўлган конференцияда қатнашувчилар мактабгача таълимда инновацион ёндашувлар, болаларда мустақил фикрлашни ривожлантириш усуллари ҳамда педагогик малака муҳитини такомиллаштириш масалалари бўйича долзарб таклифларни илгари сурдилар.
Ушбу халқаро тадбир икки давлат — Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги илмий-академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий алмашинувни кенгайтириш ва ёш тадқиқотчилар учун янги имкониятлар эшигини очишда муҳим аҳамият касб этди.