Тошкент Кимё халқаро университети халқаро аккредитация орқали таълим сифати ва халқаро стандартларга мувофиқлигини тасдиқлади
Тошкент Кимё халқаро университети халқаро таълим стандартларига мувофиқликни тасдиқловчи институционал ҳамда йўналишлар кесимидаги аккредитация сертификатларига эга бўлди.
Мазкур сертификатлар Central Asian Association for Accreditation of Education (CAAAE) томонидан берилди (https://accreditation.org/accreditation-processes/accrediting-bodies/central-asian-association-accreditation-education). Ушбу халқаро аккредитация университетда таълим сифати, бошқарув жараёнлари ва ички сифат назорати тизими халқаро талабларга мос равишда йўлга қўйилганини тасдиқлайди.
Аккредитация натижаларига кўра, Тошкент Кимё халқаро университети 1 та институционал аккредитация, 6 та бакалавриат йўналиши ҳамда 14 та магистратура йўналиши бўйича халқаро эътирофга сазовор бўлди.
Улар орасида мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш учун муҳим бўлган сунъий интеллект, мехатроника, лифт муҳандислиги, механик муҳандислик, электр муҳандислиги, ахборот тизимлари муҳандислиги, архитектура ва бинолар ҳамда иншоотлар қурилиши, биотехнология, аудит ва бухгалтерия ҳисоби каби бир қатор йўналишлар мавжуд. Батафсил танишиш учун ҳавола: https://www.kiut.uz/ru/institute/vnutrennye-fajly/.
Мазкур аккредитацияни тақдим этган Central Asian Association for Accreditation of Education (CAAAE) муҳандислик ва олий таълим йўналишларини халқаро мезонлар асосида баҳоловчи нуфузли аккредитация ташкилоти ҳисобланади. Унинг стандартлари Болонья жараёни тамойиллари ва халқаро амалиётга мос ишлаб чиқилган. Эслатиб ўтамиз, бу Тошкент Кимё халқаро университетининг биринчи халқаро аккредитациядан ўтиши эмас.
Ушбу ютуқ бакалавриат ва магистратура босқичларида таълим дастурлари мазмуни, профессор-ўқитувчилар салоҳияти, ўқув-услубий таъминoт ҳамда моддий-техник базанинг халқаро мезонларга мувофиқлигини тасдиқлайди.
Мазкур аккредитация абитуриентлар ва ота-оналар учун ишончли таълим муҳити яратилганини англатади, шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни кенгайтириш, қўшма дастурлар ва академик алмашинувларни ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.